•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

Muzey haqida



   ТЕМУРИЙЛАР ТАРИХИ ДАВЛАТ МУЗЕЙИ

Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган Соҳибқирон Амир Темур барпо этган буюк давлатнинг инсоният цивилизациясида тутган ўрни беқиёсдир. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов иборалари билан айтганда «Буюк стратег, моҳир сиёсатчи, савдо сотиқ, ҳунармандчилик ва маданиятнинг ҳомийси бўлган Амир Темур, қонунлар ва урф-одатларга асосланган давлат барпо этган». Шунингдек, «Амир Темур давлати қурилиши, ҳарбий санъати кўп асрлар давомида Шарқу Ғарб давлатларига ўрнак ва андоза бўлди».

Амир Темурнинг давлат қуришдаги, илм-фан, маориф ва маданиятни ривожлантиришдаги улкан хизматларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда  таваллудининг 660 йиллиги муносабати  билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йилнинг 14 мартида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси тасарруфида Тошкент шаҳрининг Амир Темур хиёбонида Темурийлар тарихи давлат музейи учун махсус бино қуриш ҳақидаги қарори чиқди. Қисқа муддат ичида шаҳар марказида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси ва раҳнамолигида музей биноси қуриб битказилди ва 1996 йилнинг 18 октябрида музейнинг очилиш маросими умумхалқ байрамига айланиб кетди.

Музей биноси ўзида Темурийлар даври ва замонавий меъморчилик санъати услубларини мужассамлаштирган. Бино Амир Темур давридаги саройлар кўринишида қурилган бўлиб, унинг ўзи бир музейдир. У доира шаклида бўлиб, катта қуббали гумбази, кўп устунли очиқ айвони бор. Музей биноси мустақиллик даврида бунёд этилган энг ноёб иншоотлардан бири бўлиб, замонавий маъморчилик талабларига тўла жавоб беради.

Музейнинг асосий мақсади – Амир Темур ва Темурийлар даврида илм – фан, маориф ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини ҳаққоний акс эттириш ва кенг тарғиб қилиш, чуқур инсонпарварлик руҳи билан суғорилган тарихий ютуқларимиз ва анъаналаримиз асосида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва миллий истиқлол ғоясини сингдириш.

Музей хазинасида Ўзбекистон тарихини, Амир Темур ва темурийлар даври тарихини акс эттирувчи ашёлар сақланади. Булар – Амир Темур ва Темурийлар даври тарихига оид қўлёзмалар, ёзишмалар, олтин, кумуш ва мис тангалар,  сопол, бронза ва мис буюмлар, меъморий қопламалар, этнографик буюмлар, Амир Темур ва Темурийлар даври заргарлик буюмлари намуналари, шунингдек, Гўр Амир мақбарасидан, Бибихоним масжидидан топилган ашёлар ва ҳ.к. Ҳозирги кунда музей экспозициясидан 1000 дан ортиқ экспонат жой олган.