•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“АМИР ТЕМУР – МАЪНАВИЙ ЖАСОРАТ СОҲИБИ

06.04.2017



Тарихий манбаларда Соҳибқирон Амир Темур ёрқин хислатларга эга эканлиги, шижоатли ва қатъиятли, бир сўзли, илм-фан ҳомийси, руҳий қудрат эгаси ва салобатли инсон сифатида таърифланади. Амир Темурнинг Осиё, умуман жаҳон тарихидаги хизматлари ва тутган ўрни ҳақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш жоиздир: Амир Темур Марказий Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этишда барча юртпарвар кучларни уюштириб, уларни мустақиллик учун курашга йўналтирган етакчи раҳбар, халқнинг орзу-умидларини рўёбга чиқишига улкан ҳисса қўшган моҳир саркардадир.

Буюк бобокалонимизнинг нафақат сиёсат ва ҳарбий соҳадаги, балки илм-фан, маърифат, маданият, санъат ва адабиёт жабҳаларидаги тенгсиз даҳолиги ва бунёдкорлиги ҳозирги кунда ҳам бутун жаҳон олимлари томонидан эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда мустақилликка эришилгандан кейин истиқлолимиз асосчиси Ислом Каримов ташаббуси билан Амир Темурнинг улуғ тарихий номи, хотираси қайта тикланди, ҳаёти ва фаолиятига оид кўплаб китоб ва рисолалар ўзбек тилида чоп этилиб халқимизнинг маънавий хазинаси янада бойитилди. Ҳар йили юртимиздан етишиб чиққан улуғ ватандош боболаримиз қатори Амир Темур бобомизнинг таваллуд куни ҳам кенг нишонланиши анъанага айланди.

Шу муносабат билан 2017 йилнинг 6 апрель куни соат 1430да ЎзФА Темурийлар тарихи давлат музейи, Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги "Маънавият ва маърифат” маркази билан ҳамкорликда Темурийлар тарихи давлат музейининг катта мажлислар залида “Амир Темур – маънавий жасорат соҳиби” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирни ЎзФА Темурийлар тарихи давлат музейи директори, т.ф.н. Хуршид Файзиев кириш сўзи билан очиб берди. Тадбирда бир гуруҳ темуршунос олимлар ва мутахассислар, талабалар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Жумладан, т.ф.н. И.Жамолҳожи “Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти”, т.ф.н. О.Раҳматуллаева “Соҳибқирон Амир Темурнинг фазиларлари ва донишмандлиги”, Ф.Авазов “Амир Темур ёқути ҳақида” мавзусида илмий маърузалар қилишди. Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов “Куч - адолатдадир” ғоясининг мазмун-моҳияти ҳақида” номда монологлар ўқиб берди, Амир Темур образини яратиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тадбир иштирокчиларининг гулдурос қарсакларига сазовор бўлди.

Тадбирда таъкидланганидек, Амир Темур қатор Шарқ мамлакатлари ва айниқса, Европа мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан турли савдо-сотиқ, маданий алоқаларга янада кенг йўл очиб берди. Шу ўринда, Биринчи Президентимизнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳақида фахр ва ғурур билан айтган қуйидаги сўзлари халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олди: “Амир Темур – бизнинг шон-шавкатимиз, ғурур-ифтихоримиздир, Амир Темур – халқимиз даҳосининг тимсоли, мънавий қадриятимиз рамзидир”.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли ва ёшлар қалбида тарихий хотирамиз, буюк ўтмишимизга дахлдорлик ва ватанпарварлик туйғусини янада чуқурроқ сингдириш, Амир Темурнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ҳақида тушунчалар беришдан иборат бўлди.

Тадбир сўнгида музей бўйлаб саёҳат ташкил этилди.