•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

«СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУРГА ЭҲТИРОМ»

09.04.2017



Мустақиллик йилларида бой маънавий меросимиз, миллий-қадриятларимиз, шу жумладан, улуғ бобомиз Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон маданияти тарихидаги ўрни тикланди ва темурийлар тарихини чуқур ўрганиш, уни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

2017 йил 9 апрел куни Амир Темур таваллудининг 681 йиллигига бағишлаб ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида «Соҳибқирон Амир Темурга эҳтиром»  номли тантанали тадбир бўлиб ўтди.  Тадбирга таклиф этилган  давлат ва жамоат арбоблари, хорижий дипломатик корпус вакиллари, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар иштирокида тантанали йиғилиш ўтказилди ва Буюк Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар  қўйилди.

Тантанали маросимни Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди  раиси Нозим Ҳабибуллаев кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, т.ф.д., Ш.Ўлжаева, таниқли публицист Б. Ҳайдаровлар сўзга чиқдилар, талабалар томонидан  америкалик машҳур шоир Эдгар Аллан Понинг “Буюк Темур” достонидан парчалар ўқилди ва санъаткорлар томонидан мумтоз кўй-қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир давомида меҳмонлар Темурийлар тарихи давлат музейига таклиф қилинди. Музейнинг марказий кириш эшиклари олдида карнай-сурнай садолари янгради, санъаткорлар ва болалар ижросида миллий қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Музейда Соҳибқирон таваллуди кунига бағишлаб Амир Темур даврида боғ яратиш санъати номли кўргазма томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

Маълумки, Амир Темур даврида боғ тузиш санъати юксак ривожланди. Соҳибқирон бу соҳага алоҳида эътибор бериб, кўплаб боғлар яратгани маълум. Боғи Жаҳоннамо-Тахти Қорача, Гулбоғ-Давлатобод, Боғи-Дилкушо, Боғи Чинор, Боғи Шамол, Боғи Биҳишт, Боғи Навлар шулар жумласидандир. Яратилган кўплаб боғлар, меъморчилик ёдгорликлари, ўзларининг нафис қилиб безатилган гумбазлари, миноралари, баланд пештоқлари, уларга берилган нақш-нигорлари, битилган ёзувлари билан қанчадан қанча кишиларни ўзига жалб қилган. Чунки боғлар-саройлар яратилиши юксак ривожланган манзарали боғдорчилик, меъморчилик, гулчилик, тасвирий санъат ва фалсафий эстетика натижалари ҳисобланиб, Марказий Осиё ҳалқларининг маданий савияси қадимдан ниҳоятда юқори даражада эканлигини кўрсатади.

Кўргазмадан жой олган Амир Темур ва темурийлар даврида яратилган боғлар ва улар бағрида қад кўтарган саройлар тарҳи (қазишмалар натижаси), Боғи Давлатободнинг схемаси, қазишма натижасида очилган саройнинг умумий кўриниши,  Боғи Дилкушо, Боғи Бўлду саройларининг тикланган ҳолатдаги кўриниши, қазишмалар натижасида топилган парчин ва кошин намуналари, боғлар акс эттирилган Темурийлар даври миниатюралари катта қизиқиш уйғотди.

Хулоса қилиб айтганда яратилган кўргазма билан танишган томошабин кўз ўнгида Темурийлар даврида яратилган анъанавий боғ ва боғдорчилик санъати ҳақида тасаввур намоён бўлади.

Кун давомида музейда “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.