•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“МУЗЕЙЛАР: КЕЧА, БУГУН ВА КЕЛАЖАКДА”

18.05.2017



Музей - халқ тарихининг кўзгусидир. Унинг асосий мақсади – халқнинг бой тарихини, Мустақил давлатнинг одимларини акс эттирувчи, ноёб, нодир экспонатларни авайлаб асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш, улардан халқ онгида миллий ғурур ва ифтихор, Ватанга садоқат туйғуларини кучайтиришдан, тарихий тафаккурини уйғотиш ва ривожлантиришдан иборатдир.

Роппа-роса 40 йил аввал, яъни 1977 йилининг 18 май куни Халқаро музейлар кенгаши (International Council of Museums, ICOM)да ушбу кун – “Халқаро музейлар куни” (International Council of Museums Day) деб эълон қилинди. Шу вақтдан бери жаҳон музейларида 18 май куни маънавий-маърифий тадбирлар, кўргазмалар, учрашувлар ўтказилиб келинади. Халқаро Кенгаш томонидан ҳар йили 18 май кунга ном берилади. Масалан, 2017 йил 18 май Кун мавзуси -“Музейлар ва мунозарали тарих: музейларда мураккабликлар ҳақида сўз боради” деб номланган.

1997 йили Ўзбекистон мазкур нуфузли ташкилотга “Ўзбекистон музейлар кенгаши” (ICOM: UZBEKISTAN) номи билан аъзо бўлган. 20 йилдан бери ИКОМ ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сифатида Ўзбекистон музейлар кенгаши ҳозирга қадар Ватанимиз тарихи, маданияти, санъати ва маданий мерос объектларини жаҳонга тарғиб қилиб келяпти.

Мазкур сана доирасида 2017 й. 17 май куни ЎзФА Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн ин-ти б-н ҳамкорликда музейнинг Кичик залида: “Музейлар: кеча, бугун ва келажакда” мавзуда илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.   

Темурийлар тарихи давлат музейи директори, т.ф.н. Х. Файзиев ва Миллий рассомлик ва дизайн ин-ти ректори Ҳ. Аминовлар табрик сўзлари б-н тадбирни очиб бердилар. Тадбир давомида Темурийлар тарихи давлат музейи “Экспозиция ва кўргазмаларни илмий лойиҳалаш ва бадиий безаш” бўлими мудири, т.ф.д., проф. А. Мадраимов – “Халқаро музейлар куни ва Ўзбекистон музейларида Темурийлар даври санъатини ёритилиши масаласи”; Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, т.ф.н. Н. Ҳабибуллаев ва “Экспозиция ва кўргазмаларни илмий лойиҳалаш ва бадиий безаш” бўлими кичик илмий ходими Ш. Қаюмова - “Музейларда XXI аср технологияларини қўллаш”; Миллий рассомлик ва дизайн ин-ти катта илмий ходим-изланувчи, 2-курс докторанти, т.ф.н. Д. Курязова – “Темурийлар даврига оид маданий мерос”; Темурийлар тарихи давлат музейининг катта илмий ходими, т.ф.н. Д. Қурбонова  - “Ўзбекистон музейларининг истиқболлари”; Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти, мустақил-изланувчи М. Муҳаммедова – “Хитой музейшунослиги” мавзуларида маъруза қилдилар.

Тадбир якунида меҳмонларга музейнинг кўргазма заллари бўйлаб экскурсия ташкил қилинди.