•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“КАМОЛИДДИН БЕҲЗОД - ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИНИНГ БУЮК МУСАВВИРИ"

30.08.2017



Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейида 2017 йил 30 августда “Камолиддин Беҳзод - Темурийлар даврининг буюк мусаввири” номли кўргазма ташкил этилди.  Кўргазма ҳаётлигидаёқ «аср мўъжизаси», «ўз даврининг чўққиси» сифатларини олган мусаввир Камолиддин Беҳзод ижодига бағишланган.  

Кўргазма Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Миллий Кутубхона, Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ музейи билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маълумки, Беҳзод ижоди миниатюра санъатининг ривожига, у Ўрта Шарқда тасвирий санъат бўлиб қолишига кучли рағбат берди. Мумтоз тарихчи Хондамир Беҳзод 23 ёшидаёқ ўз устози Мирак Наққош ижодиётининг давомчиси, етакчи миниатюрачи рассом бўлиб етишганини таъкидлайди. Унинг асарлари камолот чўққиси деб баҳоланган. Беҳзод мероси жуда бой бўлиб, унинг асарлари Қоҳирадаги миллий кутубхонада, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида, Санкт-Петербургдаги оммавий кутубхоналарда ва бошқа жойларда ҳануз томошабинларни маҳлиё этмоқда.

Камолиддин Беҳзоднинг асосий хизмати Алишер Навоий достонлари ва девонлари мўътабар қўлёзмаларига беназир расмлар чизгани эди. Унинг Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сига ишланган туркум миниатюралари, Султон Ҳусайн Мирзонинг мажлиси тасвир этилган мураққаъ (альбом), “Баддиуззамон учун яратилган “Хамса”, “Санкт-Петербургдаги “Хамса” расмли қўлёзмаси, ёш Алишер Навоий ва Султон Ҳусайн тасвири, Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Хамса” сига ишланган 33 та миниатюраси, “Темур тарихи” мураққаъси, Саъдий Шерозийнинг “Бўстон” асарига ишланган миниатюралар, Султон Ҳусайн Мирзо тасвири, Асир шаҳзода тасвири, Мурод оқ қўйинликнинг тасвири, Низомий Ганжавий “Хамса”сининг қўлёзмасига ишланган миниатюралар ва бошқа асарлари машҳурдир.

Кўргазма очилишида Темурийлар тарихи давлат музейи директори т.ф.н., Х.Т.Файзиев ва музей “Экспозиция ва кўргазмаларни илмий лойиҳалаш ва бадиий безаш” бўлими мудири т.ф.д.,  проф. А.Мадраимов,  Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ музейи директори  фил.ф.н. Г.Қаршиева, миниатюрист рассом Б.Ходжиметовлар сўзга чиқдилар.

Кўргазма кенг жамоатчилик учун мўлжалланган бўлиб, томошабинларда мумтоз миниатюра ва китобат санъати тарихига бўлган қизиқишни, Ватанга садоқат руҳини янада шакллантиради.