•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИНГ БОШ КАФОЛАТИ”

29.09.2017



Давлат тузумида Конституциянинг ўрни ва аҳамияти, серқирра жиҳати билан инсоният тарихида қадимдан ўз мавқеига эгадир. Юртимизнинг энг қадимги даврида дастлаб Авестода қайд қилинган тартиб қоидалар, кейинчалик тузук, тузукот деб номланган қонун-қоидалар мажмуаси гарчи Конституция деб номланмаса ҳам, улар бевосита ўз даврининг Конституцияси мақомида бўлган. Бу йил асосий Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 25 йил тўлади. Конституция умумжаҳон халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва миллий анъаналаримизга хос жиҳатларни ўзида акс эттириши билан эътирофга лойиқ. Жумладан, Амир Темур ва Темурийлар давлатини адолат ўлчовлари, ҳуқуқий меъёрлар ва қонуний нормалардан ажратиб ўрганиш мумкин эмас. Негаки қонун устуворлиги Темурийлар давлатининг белгиловчи хусусиятларидан бири бўлган.

Шу муносабат билан 2017 йил 29 сентябрь, жума куни с. 1100да ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи, Агробанк АТБ ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликдаги “Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бош кафолати” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июн кунги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирлари тўғрисидаги қарорни ижросини таъминлаш борасида амалга оширилди.

Тадбирни ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев кириш сўзи билан очиб берди.

Шундан сўнг давра суҳбатида мавзу юзасидан маърузалар тингланди. Жумладан, “Ҳуқуқий билим, қадр-қиммат, ҳақ-ҳуқуқларимиз кафолати” - Аgrobank АТБ юридик хизмат департаменти ходими Бунёд Исломов, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий кафолатлари” – Тошкент давлат юридик университети, ю.ф.д., проф. Феруза Муҳитдинова, “Амир Темур ва Бобур Мирзонинг қонунларга муносабати” - ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейининг бўлими мудири Абдумажид Мадраимов, “Темур тузуклари” – ўз даврининг Конституцияси мақоми” – Инновацион таълим Маркази директори, Тошкент Молия ин-ти доценти, т.ф.д. Жумабой Раҳимов,  “Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонун – ўтиш даврининг Конституцияси” - ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейининг бўлим мудири, т.ф.н. Илҳомжон Жамолҳожи ўз мавзулари бўйича маъруза қилдилар.

Анжуман якунида, маърузачиларга Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан эсдалик учун китоб совғалари тақдим этилди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари Музей экспозиция ва кўргазмалари билан яқиндан танишдилар.