•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“АЛИШЕР НАВОИЙ ВА ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР – ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ БУЮК СИЙМОЛАРИ”

06.02.2018



Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан буюк аждодимиз, мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигини нишонлаш, уларнинг хотирасини ёд этиш мақсадида жорий йилнинг 6 февраль куни соат 15:00 да Темурийлар тарихи давлат музейида “Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур – темурийлар даври маънавий меросининг буюк сиймолари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Буюк сўз санъаткорлари тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллатни бирлаштирувчи, руҳан юксалтирувчи бадиий сўзга эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келади. Алишер Навоий худди ана шу даврда яшади.

Улуғ бобомиз шеър ёзишда фақатгина ўзбек тили имкониятлари билан чегараланиб қолмаган, бошқа тиллардан ҳам унумли фойдаланган. Пушкин ўз асарларида 21197 та бетакрор сўз ишлатган, Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес мингтага яқин. Алишер Навоий эса 1 миллион 378 минг 660 та бектакрор сўз ишлатган. Боиси, буюк бобомиз фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган. Бугун Алишер Навоий хақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда.

Навоий шеърият мулкининг султони сифатида донг таратиб кетган бўлса, Бобур унинг маънавий меросхўри бўлиб, туркий адабиётнинг равнақ топишида улкан ҳисса қўшган, нафақат адабиёт ва илм-фан, балки сиёсат ва ижтимоий ҳаётнинг гуллаб-яшнашида қудратли салоҳиятини намоён этган. Худдики, Навоий ўз “Хамса”сида орзу қилган баркамол ҳукмдор сурати Бобурда ўз аксини топгандек эди гўё.

Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиши билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, “Мубаййин” (“Баён этилган”), “Хатти Бобурий”, “Аруз” ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳиссасини қўшди. Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дилдан қўмсаш, ғариблик азобларидан  ўтли ҳасрат, ёру диёр соғинчи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.

Тадбирни ташкил этишдан мақсад Навоий ва Бобур – темурийлар даври маънавий меросининг буюк сиймолари сифатида мамлакатимиз тарихида ўчмас из қолдирганлиги, улар ўз ҳаётининг тамойиллари деб билган адолат, ватанпарварлик, инсонпарварликка суяниб ўтганликларини, бу инсонларнинг ижодий ва илмий мероси нафақат миллий маънавиятимиз, балки жаҳон тамаддунида ўз ифодасини топганлигини ёшлар ва аҳолининг барча қатламлари ўртасида кенг тарғиб этишдан иборат.