•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“СОҲИБҚИРОН БУНЁДКОРЛИГИНИНГ ТАРИХИЙ МОҲИЯТИ”

05.04.2018



Бизга маълумки, дунё тарихида жуда кўп ҳукмдорлар, саркардалар, сиёсат, илм-фан ва маданият арбоблари яшаб ўтган. Лекин улар орасида бутун бир халқлар, мамлакатлар тақдирига, истиқболига кучли таъсир кўрсатган даҳо инсонлар алоҳида эътироф этилади.

Хусусан, улуғ сиёсат ва давлат арбоби, буюк саркарда, ўз даврининг қудратли салтанатини бунёд этган ҳукмдор Соҳибқирон Амир Темурнинг номи мана неча асрлар ўтибдики тилларда достон бўлиб келмоқда, буюк ватандошимиз ҳақида қанчадан-қанча тарихий, илмий ва бадиий асарлар, достонлар, ҳужжатли фильмлар яратилди.

Буюк бобокалонимизнинг нафақат сиёсат ва ҳарбий соҳадаги, балки илм-фан, маърифат, маданият, санъат ва адабиёт жабҳаларидаги тенгсиз даҳолиги ва бунёдкорлиги ҳозирги кунда бутун жаҳон олимлари томонидан тан олинмоқда.

Мамлакатимизда мустақилликка эришилгандан кейин истиқлолимиз асосчиси Ислом Каримов ташаббуси билан Амир Темурнинг улуғ тарихий номи, хотираси қайта тикланди, ҳаёти ва фаолиятига оид кўплаб китоб ва рисолалар ўзбек тилида чоп этилиб халқимизнинг маънавий хазинаси янада бойитилди. Ҳар йили юртимиздан етишиб чиққан улуғ ватандошларимиз қатори Соҳибқирон Амир Темурнинг таваллуд куни ҳам кенг нишонланиши анъанага айланди.

Шу муносабат билан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан буюк саркарда ва давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг
682 йиллигини нишонлаш ва хотирасини ёд этиш мақсадида жорий йилнинг
5 апрель куни соат 14:00 да Темурийлар тарихи давлат музейида “Соҳибқирон бунёдкорлигининг тарихий моҳияти” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда тарихчи олимлар,  таниқли актёрлар ҳамда кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари  иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, маънавий жасорат соҳиби деганда аввало, ҳар қандай вазиятда ўзлигини йўқотмаган, ўзини англаб етган, эзгулик ва адолат, ҳақиқат ва маърифат байроғини доимо баланд тутган, бунёдкор ғоя ва қарашларни илгари сурган, ўзидан бир олам яхшилик қолдирган инсонларга бериладиган нисбат англанади.

Шу маънода, Биринчи Президентимизнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳақида фахр ва ғурур билан айтган қуйидаги сўзлари халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олди: “Амир Темур – бизнинг шаън-шавкатимиз, ғурур-ифтихоримиздир, Амир Темур – халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қадриятимиз рамзидир”.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – халқимиз қалбида тарихий хотирамиз, буюк ўтмишимизга дахлдорлик ва ватанпарварлик туйғусини янада чуқурроқ сингдириш, Амир Темурнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ҳақида тушунчалар беришдан иборат бўлди.