•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУРГА ЭҲТИРОМ”

09.04.2018



Мустақиллик йилларида бой маънавий меросимиз, миллий-қадриятларимиз, шу жумладан, улуғ бобомиз Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон маданияти тарихидаги ўрни тикланди ва темурийлар тарихини чуқур ўрганиш, уни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

2018 йил 9 апрель куни Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳар ҳокимияти, ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида «Соҳибқирон Амир Темурга эҳтиром»  номли тантанали тадбир бўлиб ўтди.  Тадбирга таклиф этилган  давлат ва жамоат арбоблари, хорижий дипломатик корпус вакиллари, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар иштирокида тантанали йиғилиш ўтказилди ва Буюк Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар  қўйилди. Тантанали маросимни Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди  раиси, тарих фанлари номзоди Нозим Ҳабибуллаев кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари номзоди Хуршид Файзиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Носиржон Жўраев сўзга чиқдилар. Сўнгра  “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари томонидан ҳарбий машқлар, оркестр ижросида ватанпарварлик мавзусидаги қўшиқ ижро этилди.

Тадбир давомида меҳмонлар Темурийлар тарихи давлат музейига таклиф қилинди. Музейнинг марказий кириш эшиклари олдида карнай-сурнай садолари янгради, санъаткорлар ва болалар ижросида миллий қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

Музейнинг кичик анжуманлар залида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги “Маънавият ва маърифат” маркази билан ҳамкорликда “Амир Темур ва Темурийлар давлатида халқ дипломатиясининг роли” мавзуида  анжуман ўтказилди. Уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қубонов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи директори, т.ф.н. Хуршид Файзиев, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Дендев Бадарч кириш сўзлари билан очиб бердилар.  Ўзбекистон Халқ артисти Теша Мўминов бадиий чиқишлари йиғилганларда катта таассурот уйғотди. Анжуман давомида ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи “Экспозиция ва кўргазмаларни илмий лойиҳалаш ва бадиий безаш” бўлими мудири, т.ф.д., профессор Абдумажид Мадраимов “Амир Темур дипломатиясининг баъзи масалалари”, ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи “Маънавият ва маърифат” бўлими катта илмий ходими, т.ф.н., доц. О.Бўриев “Амир Темур дипломатиясидан айрим лавҳалар”, Қўмитанинг илмий тадқиқот, методика ва экспертиза бўлими бошлиғи, фалс.ф.д., проф. Бахтиёр Каримов “Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ҳақида жаҳон информацион тизими ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар”, Қўмита бош мутахассиси, т.ф.н., доцент Неъматжон Полвонов “Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи садъайн ва мажмайи баҳрайн” асари – Темурийлар даври дипломатик алоқаларини ўрганишда муҳим манба” мавзуларида маърузалар қилдилар. Иштирокчилар томонидан анжуман ва маърузалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Доимий анъанага мувофиқ музейда Соҳибқирон таваллуд кунига бағишлаб “Тангаларда акс этган тарих” номли кўргазма томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

Музейдаги энг бой ва ноёб тўпламлардан бири – нумизматика коллекциясидир. Ушбу кўргазмада музей коллекцияларидаги энг ноёб тангаларнинг асли, катталаштирилган фотоси ва улар тўғрисидаги илмий адабиётлар намойиш этилади.

Кўргазма кенг жамоатчилик учун мўлжалланган бўлиб, у тарихий меросимиз ҳақида маълумот олишга ва темурийлар давлатининг башарият тамаддунида салмоқли ўрин эгаллаганига яна бир бор гувоҳ бўлишга хизмат қилади.

Кун давомида музейда “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.