•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

"ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИ МИНИАТЮРАЛАРИДА МЕЪМОРЧИЛИК"

07.09.2018



Амир Темур ва Темурийлар даври меъморчилигини ўрганиш давлатчилигимиз тарихининг ривожланган даврини ёритишга хизмат қилади. Мазкур давр тарихий-меъморий обидаларининг баъзилари бугунги кунгача етиб келган. Уларни биз, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарлардаги меъморчилик намуналари мисолида кўришимиз мумкин. Шунингдек, тарихий обидаларининг турли кўринишлари, Темурийлар давридаги кўшкли боғлар тузилиши, меъморчиликда ишлатилган ҳар хил меъморий безакларни ушбу давр миниатюралари орқали ҳам кўришимиз мумкин.

Темурийлар даврида санъатнинг барча соҳалари каби миниатюра санъати ҳам юксак тараққий топган бўлиб, улар қимматли, шоҳона қўлёзмаларни зийнатлашда ҳамда мураққаъаларини безаш учун алоҳида асар сифатида яратилган. Ушбу миниатюраларда меъморий обидалар, боғлар, саройлар акс этттирилганлигини кўриш мумкин ва ана шундай миниатюралар Темурийлар даври меъморчилиги ҳақида янада тўлароқ маълумот олишга имкон яратади.

2018 йил 7 сентябр Темурийлар тарихи давлат музейида “Истиқлолимизнинг ёрқин кўзгуси” мавзусида Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига Тошкент давлат архитектура ва қурилиш институти докторанти, доцент Нафиса Гилманованинг «Темурийлар даври миниатюраларида меъморчилик» номли кўргазмаси ташкил этилди

Кўргазманинг асосий мақсади - Амир Темур ва Темурийлар даври меъморчилигининг ўзига хос бадиий хусусиятларини ўша давр миниатюраларида акс эттирилиши орқали  очиб беришдир.

Кўргазма Н.Гилмановнинг илмий тадқиқотлари натижалари асосида  ташкил этилган. Ушбу кўргазмадан Н. Гилманова томонида тайёрланган муаллифлик эскиз расмлари, меъморчилик обидаларининг бадиий тикланган кўриниши суратлари, миниатюра манбалари асосидаги бадиий ва илмий-тарихий фотолар ўрин олган.

Соҳибқирон Амир Темурнинг Самарқанд шаҳри атрофида барпо этган боғларининг қайта тикланган кўринишлари кўргазмани янада бойитишга хизмат қилганлигини эътироф этиш лозим. Ушбу боғлар ва улардаги саройлар бугунги кунгача сақланиб қолмаган. Шу нуқтаи назардан бу кўшкли боғларнинг қайта тикланган фотолари томошабинларда Темурийлар даври боғ яратиш санъати ҳақида тўлиқроқ маълумот олишга хизмат қилади.

Кўргазма очилишида Темурийлар тарихи давлат музейи директори т.ф.н. Х.Т.Файзиев ва музей катта илмий ходими т.ф.д. проф. А.Мадраимов, Қ.Ғ. Ғуломов, Д.А. Нозилов, Тошкент давлат архитектура ва қурилиш институти докторанти, доцент Н.Гилманова сўзга чиқдилар.

Кўргазма кенг жамоатчилик учун мўлжалланган бўлиб, у Темурийлар даврида меъморчилик санъати нақадар ривожланганлигини ҳозирги кунгача сақланиб қолган миниатюралар асосида  тасаввур қилиш имконини беради.