•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

МИЛЛИЙ ЎЗЛИК ВА ҒУРУР КОШОНАСИ

18.10.2018



Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тасарруфидаги Темурийлар тарихи давлат музейи халқимиз томонидан миллий услубда бунёд бўлган муҳташам бино бўлиши билан бирга, илмий тадқиқот муассасаси ҳамдир. Бинобарин, Темурийлар даври тарихини изчил ўрганаётган тарихчи олимлар, айниқса ёш шарқшунос олимлар томонидан олиб бораётган тадқиқотлар бутун дунё Темуршунослар томонидан эътироф этилмоқда.

Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи, ЎзР ФА Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди,  Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти муассасаси билан ҳамкорликда Темурийлар тарихи давлат музейининг ташкил топганлигини 22 йиллиги муносабати билан “Миллий ўзлик ва ғурур кошонаси“ мавзуида давра суҳбати  ўтказилди. Давра суҳбати 2018 йил 18 октябрь, пайшанба куни соат 1400 Темурийлар тарихи давлат музейининг Кичик мажлислар залида ўтказилди. Тадбирни ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи директори ва Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, т.ф.н. Хуршид Файзиев табрик сўзи билан очиб берди. Сўнг Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти муассасаси раиси Муҳаббат Шоюсупова музейнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўзлади.

Музей маъмурияти ушбу давра суҳбати билан “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш йўлида музейда тасвирий санъат асарларини бунёд этган усталарни ёш авлод билан таништиришни мақсад қилган. Шу муносабат билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг ва Республика рассомлик коллежининг профессор-ўқитувчилари, ўқувчи, талабалари таклиф этилди. Камолиддин Беҳзод номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти соҳиби, ЮНЕСКО ва БМТнинг “Уста” гувоҳномаси соҳиби, “Санойи нафис” ижодий гуруҳ асосчиси – Тойиржон Болтабоев “Буюк Соҳибқирон – Буюк бунёдкор” асари ҳақида” мавзусида; ”Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Миниатюра ва китоб графикаси” кафедраси доценти Абдулазиз Акбархўжаев “Темурийлар тарихи давлат музейида деворий расмларнинг барпо этилиши” мавзусида; Республика рассомлик коллежининг “Рангтасвир” кафедраси мудири Фатҳиддин Шобаротов “Амалий санъатнинг ривожланишида Темурийлар тарихи давлат музейининг ўрни” мавзулари бўйича сўз юритдилар.

Музей қурилишидаги ижодий жараёнлар ҳақида хаттот, рассом, наққош, ганчкор ва ёғоч ўймакор усталарнинг дил сўзлари тингланди.

Ўқувчи ва талабалар таассуротлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан музей бўйлаб экскурсиялар ташкил этилиб, эсдалик учун фотосессиялар ўтказилди.