•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЙ МЕРОСИ ЖАҲОН ТЎПЛАМЛАРИДА” НОМЛИ КЎРГАЗМА ОЧИЛДИ

10.12.2018



Мустақиллик йилларида халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, буюк алломаларимиз, азиз-авлиёларимизнинг илмий, диний ва маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, муқаддас қадамжоларини обод қилиш, ёш авлодни уларнинг эзгу анъаналари руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди ва изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришга, ноёб моддий маданий мерос объектларини ҳар томонлама ўрганиш, оммалаштириш ва тарғиб қилишга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Бугунги кунда Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Ҳукумат комиссиялари фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, бой тарихий, илмий, маънавий-интеллектуал меросимизни сақлаш, илмий таҳлил қилиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида соҳа мутахассисларига, тегишли таълим йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабаларга батафсил маълумот бериб бориш, дунё хазиналарида сақланиб келинаётган буюк аллома ва мутафаккирларимиз нодир асарларини излаб топиш, илмий ўрганиш,ва дунё ҳамжамияти ўртасида кенг тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида алоҳида Давлат дастури ва “Йўл харитаси” тузилиб, махсус ишчи гуруҳ томонидан бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда​.

Жумладан, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси Бошқаруви раиси, лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухаликов томонидан “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида хориж фондларида сақланаётган Ўзбекистоннинг ноёб ашёлари ҳақида маълумот берувчи кўп жилдлик “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” номли китоб-альбом нашр этилди. Шунингдек,  нодир қўлёзмаларнинг асл нусхасига мос факсимил нашрлари яратилиб, юртимизга олиб келинди. Бу ҳайрли ишларнинг пировард натижаси музей хазиналари ноёб ашёларга янада бойишига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 10 декабрида ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” номли кўргазма очилди.

Табрик сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдухакимов,  Ўзбектистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси Бошқаруви раиси, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси раҳбари Фирдавс Абдухаликов, ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи директори Х.Т.Файзиев ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти профессори, т.ф.д., академик Дилором Юсупова сўзга чиқдилар.

Шундан сўнг “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”  номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўргазмада 13 жилддан иборат “Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси” (Архитектурная эпиграфика Узбекистана) ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” (Культурное наследие Узбекистана в собраниях мира) номли 10 томлик китоб-альбомларнинг намойиши, шунингдек Катта Лангар Қуръони, “Темур тузуклари”,  Султон Ҳусайн Бойқаронинг “Девони Ҳусайний” қўлёзмаси ҳамда Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарига ишланган 31 та миниатюра факсимили намойишга қўйилди.

Тадбир якунида меҳмонларга музей кўргазмалар заллари бўйлаб саёҳат ташкил қилинди.  Ушбу кўргазмалар кенг жамоатчиликка, айниқса мустақиллик, миллий истиқлол, Ватанга садоқат руҳида тарбия топаётган ёш авлодга ўзлигини англаш, давлатимизнинг бой анъаналарини, қадимий қадриятларимизни, ота-боболаримизнинг бебаҳо меросига меҳр билан боқиб, асраб-авайлаш каби хислатларни янада чуқурроқ англашда бой манба сифатида хизмат қилишига ишончимиз комилдир.