•     
  •     
  • A+
  •     
  • A
  •     
  • A-

“ТЕМУРИЙ МАЛИКА ГАВҲАРШОД БЕГИМНИНГ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ” МАВЗУИДА ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ СИМПОЗИУМ ЎТКАЗИЛДИ

14.12.2018



Мустақиллик йилларида бой маънавий меросимиз, миллий-қадриятларимиз, шу жумладан улуғ бобомиз Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон маданияти тарихидаги ўрни тикланди ва темурийлар тарихини чуқур ўрганиш, уни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Амир Темур ўз авлодларига нафақат катта салтанатни, айни вақтда яхши анъаналарни ҳам мерос қолдирди. Барча Темурийлар Амир Темурнинг ободончилик, мамлакатни адолат билан бошқариш, илм-фан, маданият, санъат соҳаларидаги ишларини давом эттирдилар. Тарихга назар ташлар эканмиз нафақат темурий ҳукмдорлар, балки темурий маликалар ҳам истеъдодли сиёсатчи, етук олима ва хассос шоира бўлганликларига ишонч ҳосил қиламиз.  Улар тарих зарварақларида ўзларидан ўчмас из қолдирганлар. Ана шундай маликалардан бири Темурийлар даврининг беназир маликаси, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси, Мирзо Улуғбекнинг волидаси Гавҳаршод бегимдир. Гавҳаршод бегим Ҳирот маликаси бўлганлиги учун ҳам унинг Ўзбек ва Афғон халқларининг муштарак тарихида тутган ўрни беқиёсдир. Шу сабабли  2018 йил 14 декабрь соат 9.00 да Темурийлар тарихи давлат музейининг Кичик мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2017 йил 11 декабрдаги 130-сонли баёни билан тасдиқланган 2017 йилнинг 4-6 декабрь кунлари Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар Режасининг 45-бандига асосан, ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи, ЎзР Ташқи ишлар вазирлиги, ЎзР Маданият вазирлиги, Халқаро Амир Темур ҳайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон – Афғонистон дўстлик  жамияти билан ҳамкорликда Гавҳаршод бегимга бағишланган “Темурий малика Гавҳаршод бегимнинг ҳаёти ва фаолияти” мавзуида Халқаро  илмий-амалий симпозиум ўтказилди.

Симпозиумни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев, ЎзР ФА вице-президенти т.ф.д., проф., Баҳром Абдуҳалимов, Афғонистон Ислом Республикаси Президент Девони Ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Илҳом Фаридун, Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Маданий алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муҳаммад Раҳим Пирзода, Ўзбекистон–Афғонистон дўстлик жамияти раиси Абдураҳим Маннонов табрик сўзи билан очиб бердилар.

Ушбу симпозиумда малакатимиз олимлари билан бирга Афғонистонлик маърузачилар ҳам иштирок этдилар. Жумладан,  “Гавҳаршод бегим ва темурий маликалар фаолиятининг ўз даври манбаларидаги инъикоси” мавзуида академик, т.ф.д., проф. Дилором ЮСУПОВА, “Гавҳаршод бегимнинг ҳаёти ва фаолияти” мавзуида ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи директори,  т.ф.н. Хуршид ФАЙЗИЕВ, “Гавҳаршод бегим Шарқ тамаддуни ва уйғониш даври маликаси” мавзуида  Афғонистон Президентининг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили идорасининг масъул ходими Фавзия Орол ХАБИБИЙ, “Гавҳаршод бегим – маърифатпарвар темурий малика” мавзуида  Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад АЛИ, “Гавҳаршод бегим Ҳирот қизи ва Хуросон маликасидир” мавзуида Афғонистон Президенти девонининг  Ҳуқуқий масалалар бўйича эксперти Муҳаммад Идрис ТАВАККАЛ, “Гавхаршод и поиски Темуридами стилей архитектуры” мавзида  арх.ф.д., проф. Шукур АСКАРОВ,  “Гавҳаршод бегим ижодининг тарихдаги ва бугунги кундаги таъсири” мавзуида Афғонистонда Ўзбек тилида чоп этиладиган  “Ватандорон“ журнали масъул котиби  Муҳаммад Рафиқ ҚОДИРИЙ, “Строительная деятельность Гавхаршодбегим, как фактор развития архитектуры Хорасана и Мавераннахра” мавзуида арх.ф.д., Мавлюда ЮСУПОВА,  “Темурийлар давлатчилиги тизимида аёллар масаласи” мавзуида  т.ф.н. Омонулло БЎРИЕВ ва  Азизжон ШАРИПОВ, “Женщины эпохи Темуридов в миниатюрной живописи  Востока”  мавзуида санъат.ф.д., проф. Зухра РАХИМОВА,  “Заҳириддин Муҳаммад Бобур Темурий маликалар тўғрисида” мавзуида т.ф.д., проф. Абдумажид  МАДРАИМОВ, “Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асарида Бобур сиймоси” мавзуида фил.ф.д., проф. Аҳмаджон ҚУРОНБЕКОВ, “Темурий маликаларнинг жамиятдаги ўрни” мавзуида т.ф.д. Жаннат ИСМАИЛОВА, “Технология рукописного дела в период Темуридов” мавзуида т.ф.н. Нозим  ХАБИБУЛЛАЕВ, “Темурий маликаларнинг шаҳзодаларни тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари” мавзуида  Ўзбекистондан хизмат кўрсатган маданият ходими Тўлқин ҲАЙИТ,  “Темурий маликаларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни” мавзуида  Севинч УЛАШОВА,  “Илмий тадқиқотларда Гавҳаршод бегим сиёсий фаолиятининг ёритилиши” мавзуида  Фарруҳ АВАЗОВ маърузалари тингланди. Симпозиумнинг якунловчи мажлисида бу каби тадбирлар Ўзбекистон ҳамда Афғонистон далатлари ўртасидаги илмий, маданий ва маърифий соҳадаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.